ХОҚ Токио олимпиадаси санасини кўчирмасликка қарор қилди

Токиодаги Олимпия стадиони.

Токиодаги ёзги Олимпиада ўйинлари аввал белгиланган санада – 24 июлдан 9 августга қадар ўтказилади. Янги коронавирус хавфини муҳокама қилган Халқаро олимпия қўмитасининг ижроия қўмитаси ана шундай қарорга келди. Қўмита ўз баёнотида спортчиларнинг барчасини мусобақаларга ҳозирликни давом эттиришга чақирган.

Токионинг Олимпиада ўтказиш бўйича шартномасида мусобақаларни йил охиригача кечиктириш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бироқ мусобақаларни Халқаро олимпия қўмитасигина бекор қилиши мумкин.

Ёзги Олимпиада коронавирус туфайли ўтказилмай қолиши мумкинлигига оид тахминлар айрим спорт мусобақалари ё бекор қилингани, ёки томошабинларсиз ўтказилгани ортидан пайдо бўлганди.

Япония расмийлари Олимпиада учун ҳеч қанақа хатар йўқлигини бир неча бор таъкидлаганлар. Ёзги ўйинлар ҳозирлиги учун 12 млрд доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб қўйилган.

Янги турдаги коронавирус тарқалиши ўтган йил охирида Хитойда бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, COVID-19 юқтириб олганлар сони дунё бўйлаб 93 мингдан ошган, қурбонлар сони эса 3203 нафарга етган. Вирус энг кўп Хитой, Жанубий Корея, Эрон ва Италия каби мамлакатларда тарқалган.