Ашхободда коронавирус важидан тўйлар бекор қилинмоқда

Ашхободда коронавирус туфайли тўйлар ва бошқа оммавий тадбирлар бекор қилинмоқда. Кўнгилочар ва спорт объектлари ёпилмоқда.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Ашхободдаги давлат муассасаларида ходимларнинг ҳарорати ўлчанаяпти, ўқувчилар ўртасида эса вирусга қарши воситалар билан ишлов олиб борилаяпти.

Айни пайтда уларга ниқоб тақишга рухсат берилмаяпти. COVID-19 вирусига чалинганликда гумонланганларнинг барчаси Юқумли касалликларни даволаш ва профилактика маркази жойлашган Чоганлига юборилмоқда.

Мазкур тиббиёт муассасасида карантинда ушлаб турилганларнинг аниқ сони ҳақида маълумот йўқ.

"Рақамлар аниқлаштирилаяпти. Айтишларича, 56 киши изоляция қилинган, бироқ улар беморми ёки юқтирувчиларми - бу ҳақда маълумот йўқ", деган исми ошкор этилишини истамаган манба.

Туркманистон расмийлари коронавирус мавзусини илк бор 25 февраль куни тилга олган ва мамлакатда бу касаллик мавжуд эмаслигини билдирган. Сўнгги кунларда расмийлар бу борада бирор баёнот билан чиққанлари йўқ.

4 март куни Озодликнинг Ашхободдаги мухбири Европа ва Туркияга учиб кетмоқчи бўлган туркманистонликлар оммавий равишда рейслардан тушириб олинаётгани, Беларусь рейслари учун чекловлар жорий этилиши кутилаётганини маълум қилди.