Қозоғистонда бир ойлик фавқулодда вазият тартиби жорий қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон 16 мартдан мамлакатда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти сайти орқали маълумот тарқатилди.

Унга кўра, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан COVID-19 янги коронавирус пандемия дея эълон қилиниши туфайли фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси қонунчилигига биноан 2020 йил 16 март соат 08 дан 00 дақиқа ўтганидан бошлаб Қозоғистоннинг барча ҳудудларида 2020 йилнинг 15 апрели соат 07 дан 00 ўтгунга қадар фавқулодда вазият жорий қилинади.

Таъкидланишича, фавқулодда вазият тартибини таъминлаш билан шуғулланувчи давлат комиссияси ташкил этилади.

Фавқулодда вазият тартиби чоғида амал қиладиган чоралар ўлароқ қуйидагилар саналган:

  • Жамоат тартибини кучайтириш, муҳим давлат ва стратегик, алоҳида тартибли, алоҳида қўриқланадиган, шунингдек, аҳоли турмуш тарзини таъминловчи ва транспорт ҳаракатини таъминловчи объектларни қўриқлаш;
  • Йирик савдо объектлари фаолиятини чеклаш;
  • Савдо-кўнгилочар марказлар, кинотеатр, театр, кўргазма ва одамлар тўпланадиган бошқа объектлар фаолиятини тўхтатиш;
  • Карантин жорий қилиш, шунингдек, Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва ички ишлар идораларининг бўлинмалари иштирокида кенг қамровли санитария-эпидемияга қарши чораларни кўриш, аҳолининг санитар-эпидемиологик фаровонлиги борасида фаолият олиб бориш;
  • Томошабоп, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни, шунингдек, оилавий, хотира тадбирларини тақиқлаш;
  • Қозоғистон ҳудудларига киришни чеклаш, шунингдек, Қозоғистон ва хорижий давлатлар дипломатик хизмати ходимлари, ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Қозоғистонга келган халқаро ташкилотлар делегациялари аъзоларига тегишли транспортдан ташқари барча транспорт турлари чиқишини тақиқлаш.

Муолажа ва тиббий кўрикдан бўйин товлаган шахслар устидан назорат ҳам кучайтирилади.

15 мартдаги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 9 та ҳолат қайд этилган.