CPJ Россияни коронавирус мавзусини ёритаётган ОАВни цензура қилишни тўхтатишга чақирди

Москванинг марказий кўчаларидан бирида кетаётган одам,2020 йил 21 марти.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Россия расмийларини коронавирус ёйилаётгани ҳақида хабар тарқатаётган оммавий ахборот воситаларини цензура қилишни тўхтатишга чақирди.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган ташкилот 24 март куни икки ОАВ ходимлари сўзларига таянган ҳолда, Роскомнадзор жарима билан таҳдид қилароқ журналистларга сайт ва ижтимоий тармоқлардан ўз мақолаларини ўчириб ташлашни буюрганини билдирди.

CPJ маълумотига кўра, ташкилот ходимлари “Эхо Москви” радиостанцияси бош муҳаррири Виталий Рувинский билан боғланганида у Роскомнадзор 20 март куни Кремль танқидчиси бўлган сиёсатшунос билан интервьюни сайтдан олиб ташлашни буюрганини маълум қилган. Роскомнадзор бу топшириғини “коронавирус билан боғлиқ ёлғон маълумот тарқатилишининг олдини олиш чораси” ўлароқ изоҳлаган ва радиостанция бу топшириқни бажарган. Роскомнадзор буйруғида айнан қайси маълумот ёлғон эканига аниқлик киритилмаган. Сиёсатшунос Валерий Соловей 100 минг рубль (тақрибан 1300 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима таҳдиди билан юзма-юз қолган.

“Говорит Магадан” хабар сайти бош муҳаррири Татьяна Брайс CPJга ундан коронавирусга чалингани тахмин этилган сибирлик кишининг ўлимига оид материални ўчириб ташлаш талаб этилганини маълум қилган.