Тожикистон ҳукумати 1 апрелгача берилган мактаб таътили узайтирмаслигини билдирди

Ўн кун ичида Тожикистондаги мактаблар икки марта дезинфекция қилинди.

Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги барча мактаблар коронавирусга қарши дезинфекция қилинганини билдирди. Таълим ва фан вазирлиги эса баҳорги таътил якунланиб, 1 апрелдан мактабларда дарслар бошланишини маълум қилди.

Тожикистонда мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътили 21 март куни бошланган. Ўн кун ичида мактаблар икки марта дезинфекция қилинган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, Тожикистондаги 3800дан ортиқ мактабда 2 миллион бола ўқийди.

Тожикистонда ва Туркманистонда ҳалигача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат расман қайд этилгани йўқ. Аммо экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарамоқда.

1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 348, Қирғизистонда 107 одам бор. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 31 март куни кечқурун 172 кишини ташкил қилди.