Қозоғистонда коронавирусдан ўлганларнинг жасади қариндошларига берилмайдиган бўлди

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди.

Қозоғистон ҳукумати коронавирусдан ажал топган одамларнинг жасадларини қариндошларига топширишни тақиқлади.

Мамлакат Бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова марҳумннинг яқинлари унинг жасадидан уч метр олис туришлари шартлигини, дафн маросимига фақат марҳумнинг энг яқин қариндошлари қатнашишини ва дафн маросимига фақат бир соат вақт ажратилишини айтди.

Бундан ташқари дафн маросими маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида, хавфсизлик чораларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилиши лозим. Дафннинг диний маросимини фақат бир дин хизматкори амалга оширади.

Сўнгги бир кун ичида Қозоғистонда яна 15 одам вирусга чалинди ва уларнинг сони 370 нафардан ошди. Беморларнинг асосий қисми Нур-Султон ва Олмаота турғунларидир. Коронавирус юқтирганларнинг уч нафари вафот этди. 24 бемор тузалгани айтилмоқда.