ССВ: 151 269 киши карантинда сақланмоқда. Ота-онангизни, невараларингизни қучоқламанг (Инфографика)

Коронавирусга чалинганлардан бири бу вирусни 4 нафар оила аъзосига юқтирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 апрель соат 16.40 да каратнитин кузатувида бўлган фуқаролар ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Маълумотда айтилишича, 151 269 киши карантинда сақланмоқда.

Қуйидаги инфографикада бу борада тўлиқ маълумот олишингиз мумкин:

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 6 апрель куни «Ўзбекистон 24» каналида қилган чиқишида уйда ҳам қариндошлар билан кўришиш ва қучоқлашишни тўхтатиш кераклиги тўғрисида маслаҳат берди.

“Уйда бўлишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Оилада ҳам кўришманг. Оилада ҳам қучоқлашманг. Ана шу невараларингизни, ота-онангизни қанчалик соғинган бўлсангиз-да, унинг ёнига борманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг ва уларни сақланг”, — деди вазир.

Вазир бир бемор вирусни неча кишига ва қай тарзда юқтириши мумкинлигини тушунтирди:

1-ҳолат: "15 март куни хориждан келган ҳамюртимиз 15 нафар шахсга касалликни юқтирган. 27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган.

Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан 46 нафар одамга коронавирус тарқаган.

Афсуски бу беморимиз касаллик аломатлари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаган".

2-ҳолат: "Тошкент шаҳридаги беморимиз турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган. У 8 нафар оила аъзоларига касалликни юқтирган. Уларнинг барчасини ҳозир даволаяпмиз".

3-ҳолат: "Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамай 5 кун давомида уйида ётган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда уни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлганмиз".

4-ҳолат: "Тошкент вилоятидан бошқа бир беморимиз эса йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши ва нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бу бемор 52 кишига касалликни юқтирган".

5-ҳолат: "Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У сабабли 100 дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган".

6-ҳолат: "Яна бир фуқаромиз хорижда бўлгандан сўнг 7 нафар оила аъзосига юқтирган. У билан мулоқотда бўлган 153 шахсни кузатувда ушлаб турибмиз".

"Умумий ҳисобда 7 мамлакатдан кириб келган 123 киши ва улар билан мулоқотда бўлганлар туфайли беморлар сони 390 нафарга етди.

Энг ёмони — тўрт нафар беморимиз ким билан учрашганини сир сақлаган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлганларда иситма чиққандан кейин биз буни биляпмиз".

7-ҳолат: "Яна бир мисол — Туркиядан келган эр-хотинда шамоллаш белгилари бўлган. Аммо улар хориждан келганини айтмаган ва тиббиёт ходимларини чалғитган. Кейинчалик тест ўтказилиб коронавирус аниқлангандан кейин улар касални яширганларини йиғлаб тан олишди. Натижада бутун оила касалга чалинган".