Хитой коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳрига кириш йўлини очди

Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди.

Хитой 8 апрелга ўтар кечаси COVID-19 биринчи марта аниқланган Ухань шаҳрига кириш йўлларини очди. Хубэй вилояти маркази бўлган Ухань шаҳри январь ойи охиридан бери изоляцияда қолаётган эди. 7 апрель куни шаҳарда коронавирусга чалинган бирорта ҳам бемор аниқланмади.

Карантин даврида ҳукумат шаҳардаги барча ўқув даргоҳларини ёпди, транспорт қатновини тўхтатди. Аҳолига шаҳарни тарк этиш тақиқланди.

СOVID-19 Хитойда 2019 йилнинг декабридан тарқала бошланган эди. Хитойда 82 минг одам коронавирусга чалинди, 3300 дан кўпроқ бемор вафот этди. Аммо айрим экспертлар Хитой беморлар ва ўлганлар сонини озайтириб кўрсатмоқда, аслида бу кўрсаткич эълон қилинганидан юқори, деб ҳисоблайдилар.

Бугунги кунда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони бир ярим миллионга яқинлашиб қолди. Бу вирусдан 81 мингдан кўпроқ одам вафот этди.