Қирғизистонда коронавирус оқибатида нарх-наво деярли 10,5 фоизга қимматлади

Қирғизистон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлагани кузатилмоқда.

Қирғизистонда коронавирус пандемияси ортидан нарҳ-наво ўтган йилнинг биринчи чорагига қараганда 10,4 фоизга қимматлади. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси 8 апрелда маълум қилди.

Расмий маълумотга қараганда 2020 йилнинг январь-март ойларида тирикчилик минимуми бир одамга ойига 5167 сўмни (таҳминан 61 долларни) ташкил қилган. Тирикчилик минимуми кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизмат кўрсатиш нархларининг минимал кўрсаткичи ҳисобланади.

Статистика қўмитаси Қирғизистонда бугунги кунгача ишсизлар сони 156 минг кишига етганини билдирди.

Март ойида миллий валюта сўм долларга нисбатан 12 сўмга қадрсизланди. Кўп йиллар давомида 1 доллар 69 сом даражасида сақланиб келаётганди. Март ойининг охирларида 1 доллар 85 сомгача кўтарилди.

Статистика қўмитаси нарх-навонинг кўтарилишига коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани ҳам таъсир кўрсатганини билдирди.

Қирғизистонда 8 апрель ҳолатига кўра, 270 одам коронавирусга чалинган, улардан 6 нафари ўлди, 25 нафари соғайди. Вирус юқтирганларнинг 32 нафари тиббиёт ходимларидир.