Суриядаги кимёвий ҳужум юзасидан якунланган тергов хулосаси эълон қилинди

Хама шаҳрига 2017 йилда қилинган кимёвий ҳужумда юздан ортиқ одам жабрланган.

Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот (КҚТТ) Суриянинг Хама шаҳрига 2017 йилда қилинган кимёвий ҳужум юзасидан якунланган тергов хулосасини эълон қилди.

Ташкилот терговчиларининг билдиришича, 2017 йилнинг март ойи охирида Хама шаҳрига хлорли ва заринли бомбани Сурия ҳукумат кучлари учувчилари ташлаган. Терговчилар бу ҳужумга алоқадор бўлган шахсларнинг исмлари ҳам аниқлангани, аммо уларнинг исмлари ҳисоботда қайд этилмаганини ҳам айтдилар.

Кимёвий ҳужумдан юздан ортиқ одам жабрланган эди. Ҳисоботда бомбалардан бири касалхонага ташлангани маълум қилинган.

Ташкилот мазкур кимёвий ҳужум учун масъулиятни Башар Ассад ҳукумати зиммасига юклади. Сурия ҳукумати ҳозирча бу ҳисоботга муносабат билдирмади.

Кимёвий ҳужум ортидан 2017 йилнинг апрель ойида АҚШ Франция ва Британия қўллови билан Сурия ҳарбий қисмларига жавоб ҳужуми уюштирган эди.

АҚШ ва Ғарб кимёвий ҳужумда Россиянинг қўли борлигини айтиб келишган. Москва бу айбловларни инкор қилган.