Россия Тергов қўмитаси Чехия пойтахти Прагада Иккинчи жаҳон урушида маршал даражасига эришган ҳарбий қўмондон Иван Конев ҳайкалининг олиб ташланиши ортидан “фашизмни реабилитация қилиш” айблови билан жиноят иши очди.
Тергов қўмитасининг билдиришича, Прага маҳаллий ҳокимияти ҳайкални олиб ташлаш орқали Россия билан имзоланган икки томонлама шартномани бузган ва бу билан “Совет халқининг фашизмга қарши курашига менсимаслик билан муносабат билдирганини” намойиш этган.
Маршал Коневга Прага 6 туманида ўрнатилган ҳайкал мазкур туман кенгашининг қарори билан 3 апрелда олиб ташланган эди.
Маршал Иван Коневга Прага 6 туманида 1980 йилда ўрнатилган ёдгорлик бир неча йиллардан бери баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди.
Ҳайкалнинг олиб ташланишига қарши бўлганлар Конев раҳбарлигидаги армия 1945 йилнинг 9 майида Прагани фашист босқинчиларидан озод қилганини эслатишади.
Ҳайкал олиб ташланиши тарафдорлари эса, Конев 1956 йилда Венгрияда халқ исёнини бостирганини ва 1968 йилда Прага баҳори деган атама билан тарихга ёзилган воқеларни бостиришда иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтиб келадилар.
Маршал Конев ҳайкали Прагада ташикил этиладиган XX аср хотираси музейига ўрнатилади.