Туркманистонда коронавирусга қарши кураш учун маблағ халқдан олинмоқда

Ашхабод кўчасидаги манзара.

Туркманистонда коронавирусга чалинган одамларни аниқлаш мақсадида йўлларда, шаҳарларга кириш-чиқиш жойларида, автобекатларда ва жамоат жойларида фуқароларнинг тана ҳарорати текширилмоқда. Мактаб ва бола боғчаларда 10 апрелдан бошлаб коронавирусга тест олинмоқда. Лекин бу ҳаракатларнинг натижалари жамоатчиликдан сир тутиляпти.

Айни пайтда коронавирусга қарши кураш чора-тадбирлари учун халқ пул тўламоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, полиция ходимлари ўз ҳисобидан сенсорли термометрларни сотиб олишга мажбурланмоқда. Туркманистонда бундай термометр 300 манат туради (бир долларнинг расмий курси 3,5 манат). Бу термометр ҳар бир полиция ходимида бўлиши шарт.

Ашхабодда ўқитувчиларга дори-дармон учун пул тўлаш масъулияти юклатилди. Ўқувчилар эса дезинфекция воситаларини ўзлари билан бирга олиб юришлари шарт. Бундан ташқари ўқувчилардан мактабларни дезинфекция қилиш учун исириққа пул йиғилмоқда.

Туркманистон ҳукумати шу кунгача расман мамлакатда коронавирус мавжудлигини билдирмаган.