Олмаотада ходимлари ёппасига коронавирус юқтириб олган касалхона бош врачи ишдан олинди

Олмаотадаги марказий шаҳар клиник касалхонасининг кириш қисми.

Олмаотадаги марказий шаҳар клиник касалхонасида юзлаб тиббиёт ходими коронавирус юқтириб олиши ортидан бош врач Алмаз Жувашев ишдан бўшатилди. Бу ҳақда маҳаллий агентликлар шаҳар ижтимоий саломатлик бошқармасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Раҳбар ишдан олинди, унинг қўл остидаги қарийб 200 ходим хасталанган. У, афтидан, ўзининг ташкилотчиликдаги ўз хатоларини англаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ариза ёзди”, дея иқтибос келтиради Informburo.kz сайти Олмаота ижтимоий саломатлик бошқармаси бошлиғи Тлеухан Абилдаев сўзларидан.

Аввалроқ расмийлар Олмаота марказий клиник касалхонаси карантинга ёпиб қўйилганини маълум қилганлар. Карантинда бўлган ўнлаб тиббиётчи бош врач ишдан олинганидан кейин уни лавозимига қайтариш талаби билан расмийларга видеомурожаат йўллаганлар.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур касалхонада коронавирусга чалинган ходимлар сони 14 апрель оқшомида 182 кишига етган. Бу рақам шу куни эрталаб 110 нафар эди.

15 апрель тушга қадар олинган маълумотларга мувофиқ, Қозоғистон бўйлаб COVID-19 вирусини юқтириб олганлар сони 1275 нафарга, қурбонлар сони эса 15 нафарга етган.