Европа комиссияси карантинни бекор қилиш меъёрларини ишлаб чиқди, режа қачон амалга киритилиши номаълум

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 15 апрелда қоидаларни эълон қилди.

Европа комиссияси коронавирус пандемиясига қарши жорий этилган карантин чораларини бекор қилишнинг учта меъёрини ишлаб чиқди. Лекин бу меъёр қачондан бошлаб амалга киритилиши ҳозирча номаълум. Бу ҳақда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 15 апрелда маълум қилди.

Ҳужжатга асосан, карантиннинг бекор қилинишига доир биринчи талаб COVID-19 тарқалишининг секинлаши, вирус юқтирганлар сонининг озайиши билан боғлиқ бўлади.

Иккинчи меъёр эса маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг мукаммал бўлишидир. Бу меъёрга асосан касалхоналар беморларни қабул қилиш учун етарли ўринларга, зарур дори-дармонлар ва тиббий ускуналарга эга бўлиши лозим.

Учинчи меъёр – вирусни юқтирганларни ва вирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлганларни мониторинг қилиш.

4 май куни Европа комиссияси коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчиларга қўллов кўрсатиш учун пул йиғиш мақсадида донорлар видеоконференциясини ўтказади.