ОАВ: Маршал Конев ҳайкалини олиб ташлаган чех сиёсатчиларини Россия ўлдирмоқчи

Конев ҳайкали 3 апрелда олиб ташланган эди.

Прагада Совет Иттифоқи маршали Иван Конев ҳайкалини олиб ташлаш ташаббускори бўлганларни Россия заҳарлаб ўлдирмоқчи. Бу борада ўтказилган журналистик суриштирув Чехиянинг “Респект” нашри томонидан чоп этилди.

Мақолада айтилишича, уч ҳафта олдин Прагадаги Вацлав Ҳавел аэропортига қўнган учоқ билан Россия дипломатик паспортига эга бўлган шахс келган. Уни махсус автомобиль кутиб олган ва Россиянинг Дейвиц туманидаги элчихонасига элтган.

“Респект” манбаси йўловчининг қўлидаги саквояжда одамни ўлимига сабаб бўлувчи рицин заҳарли моддаси бўлганини таъкидлаган.

Чех махсус хизматлари Россиядан дипломатик паспортга эга бўлган бу одамнинг келишидан ва у камида икки нафар чех сиёсатчиси ҳаётига таҳдид солиши мумкинлигидан хабардор бўлганлар. Мақолада айтилишича, гап Прага -6 тумани маъмурияти бошлиғи Ондрже Коларж ва Прага мэри Зденек Гржиб ҳақида кетмоқда.

Коларж Конев ҳайкалини олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган, Гржиб эса Россия элчихонаси жойлашган майдонга Борис Немцов номини берган. Ҳар икки сиёсатчига Прагага шубҳали шахс учиб келиши биланоқ Чехия махсус хизматлари ходимлари тансоқчи сифатида бириктирилган.

"Респект" манбалари мақола муаллифларига “Рицин заҳарли моддаси билан Прагага келган одам Россия махсус хизматлари ходими” эканини таъкидламоқдалар.

Маршал Коневга Прага 6 туманида ўрнатилган ҳайкал мазкур туман кенгашининг қарори билан 3 апрелда олиб ташланган эди.