Евронигоҳ уюштирувчилари бекор қилинган танлов ўрнига бошқа тадбир ўтказди

«Евронигоҳ» танлови уюштирувчилари бекор қилинган қўшиқ танлови ўрнига альтернатив шоу ўтказди.

Бу йилги «Евронигоҳ» танлови 16 май куни Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинди.

Бунинг ўрнига Европа бўйлаб 40 давлат телеканали «Europe Shine a Light» деб номланган икки соатлик телешоуни эфирга узатди.

Шоу давомида бу йилга танловда қатнашиши кутилган барча ижрочи ўз уйида туриб «Love Shine a Light» қўшиғини куйлади.

Кўрсатув давомида танловнинг собиқ ғолиблари ҳам кўриниш берди.

«Евронигоҳ» танловини уюштирувчи Европа телерадио узатиш иттифоқи беллашув кейинги йил Роттердамда ўтказилишини, аммо иштирокчилар янги қўшиқ юбориши лозим бўлишини билдирди.