Афғонистондаги худкуш ҳужумда камида 7 киши нобуд бўлди

Ғазнилик йигит бомбали ҳужумдан сўнг деразасини ойна синиқларидан тозалаш билан машғул, 2020 йил 18 майи.

Афғонистон шарқида 18 май куни махсус хизмат биноси олдида ичига бомба тўлдирилган автомобиль портлатилиши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам тан жароҳати олди.

Ғазни вилояти губернатори матбуот котиби Ориф Нурийга кўра, худкуш шахс аввал олиб қочилган ва ичига портловчи модда тўлдирилган Humvee ҳарбий автомобилини база ҳудудига кириш жойида портлатиб юборган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган. Толибон баёнотида ҳужум оқибатида махсус хизматларнинг ўнлаб ходими ўлгани ёки ярадор бўлгани айтилади.

Нурийга кўра, 7 киши қурбон бўлган ва камида 40 киши турли даражада жароҳат олган. Вилоят кенгаши раҳбари Носир Аҳмад Фақирий қурбонлар борлигини тасдиқлаган. Расмийларга кўра, қурбонларнинг аксарияти разведка хизмати ходимлари бўлган.

Мазкур ҳужум Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг мухолифи Абдулла Абдулла бир неча ойга чўзилган қарама-қаршиликдан сўнг ҳокимият тақсимоти тўғрисида келишув имзолаган куннинг эртасига амалга оширилди.