Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши курашиш учун блогерларни ёлламоқчи

Ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши шарт.

Олмаота ҳокимияти диний экстремизмга қарши постлар ёзиш учун таниқли блогерларни ёллайди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу ҳолат Олмаота шаҳар ҳокимиятининг Жамият тараққиёти бошқармаси тендер ўтказиш ҳужжатларида қайд этилган.

Тендер шартларига кўра, ёлланган блогерлар экстремистик ғояларнинг таҳдидли эканига оид постларни ёзиши ва “террорчилик ва экстремистлик мафкурасининг пропаганда воситалари ва услубларини фош этиши”, Қозоғистон ҳукуматининг дин соҳасидаги сиёсатини тушунтириши ҳамда диниий тематикадаги резонансли вазиятларни шарҳлашлари лозим бўлади.

Блогерлар мазкур лойиҳа якунлангунига қадар ижтимоий тармоқларда камида 80та постларни жойлаштириши лозим.

Блогерларнинг машҳурлиги уларнинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони билан белгиланади. Ҳар бир блогер камида уч минг обуначига эга бўлиши зарур.

Блогерлардан ташқари лойиҳага икки диншунос, икки исломшунос ва бир юрист ҳам жалб этилади.