Помпео Толибонга алоқадор 2 минг маҳкумни озод қилгани учун Кобулга миннатдорчилик билдирди

Майк Помпео, Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла (архив сурати).

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео “Толибон” радикал ҳаракатининг 2 минг нафар тарафдорини қамоқхоналардан озод қилиш қарори учун Афғонистон расмийларига ташаккур изҳор этди. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Помпео куни кеча Ашраф Ғани ва Афғонистон миллий ярашув олий кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла билан телефон орқали суҳбатда “Толибонга алоқадор 2 минг нафаргача кишини озод қилиш бўйича жасоратли жараён учун афғон расмийларига миннатдорчилик билдирган”. У Вашингтон Афғонистонда ўт очишни узоқ муддатга тўхтатишга ҳамда Кобул ва “Толибон” ҳаракати ўртасида бевосита музокараларнинг бошланишига эришишга ҳаракат қилаётганини ҳам билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон президенти Рамазон ҳайити пайтида қуролли рақиблар ўртасида эълон қилинган сулҳга жавобан яхши ният ифодаси ўлароқ “Толибон” тарафдорларидан 2 минг кишини қамоқхоналардан озод қилиш ҳақида буйруқ берган. Ашраф Ғани мамлакат хавфсизлик кучларига муваққат яраш аҳдини тутишни топширган.

Февраль ойида Қўшма Штатлар ва толиблар АҚШ тарихидаги энг узоқ ҳарбий амалиётни поёнига етказишга йўналтирилган битимни имзолагандилар. Ҳужжат Толибон зиммасига хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклаш эвазига АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш тартибини белгилайди. Битим билан Кобул Толибон тарафдори бўлган тақрибан беш минг маҳкумни озод этиши, Толибон эса ҳукумат тарафдори бўлган мингга яқин асирни озод қилиши лозимлиги ҳам шартлашилган. Бу чоралар Афғонистонда ички музокаралар бошланишига туртки бериши керак, деб ҳисобланмоқда.