Россияда жосусликда айбланиб қўлга олинган АҚШ фуқаросига прокурор 18 йил қамоқ сўради

Пол Уилан Москвада 2018 йилнинг декабрида қўлга олинган эди.

Прокурор Москва судидан АҚШ фуқароси Пол Уиланга 18 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс” Уиланнинг адвокати Владимир Жеребенковга таянган ҳолда хабар берди.

Судда жосусликда айбланаётган Уилан айбсизлигини ва шунинг учун уни озод этишни илтимос қилган.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Уиланга нисбатан якуний суд мажлиси 25 майда Москва шаҳар судида ўтган. Уиланга ҳукм 15 июнда ўқилиши айтилган. Уиланга нисбатан суд жараёни 20 апрелда бошланган эди.

Адвокатнинг айтишича, судда ўнга яқин гувоҳ кўрсатма берган ва улар Уилан ўзларини жосусликка ёлламоқчи бўлгани ҳамда махфий маълумотларни тўплагани тўғрисидаги тергов иддаоларини инкор қилишган.

АҚШ собиқ ҳарбий денгизчиси Пол Уилан Москвадаги меҳмонхоналарнинг бирида 2018 йилнинг декабрида қўлга олинган эди. 49 ёшдаги Уилан Канада, Ирландия ҳамда Британия фуқаролигига ҳам эга.

АҚШ ҳукумати бир неча маротаба Уиланнинг айбсиз эканига ишонишларини билдириб, Россия ҳукуматини уни озод этишга чақирган.

Россия қонунчилигига асосан жосусликда айбланганлар 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.