Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикояти юзасидан суд жараёни бошланди

Жараён Бишкек шаҳар маъмурий судида ўтмоқда.

Умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига нисбатан шикояти Бишкек шаҳар маъмурий судида 1 июнь куни кўрила бошланди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, судда ҳукумат ва омбудсмен вакиллари қатнашмоқда.

Асқаровнинг шикояти 11 май куни Бишкек шаҳар туманлараро судида кўриб чиқиши кутилаётган эди. Бишкек туманлараро суди фаолиятининг тўхтатилгани сабаб, Асқаров шикоятини кўриб чиқиш бошқа кунга қолдирилганди.

Асқаров Қирғизистон ҳукуматини БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларини бажармаётганликда айбламоқда. 2016 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқда қийноқларга солингани, у тиббий ёрдам ва адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум қилингани ортидан уни қамоқдан озод қилиш шартлиги тўғрисида қарор қабул қилганди.

69 ёшли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари пайтида оммавий тартибсизликларни уюштирган ва милиция ходимни ўлдирган деган айблов билан умрбод қамалган эди. Халқаро ҳамжамият Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлаган ҳолда, қирғиз ҳукуматидан ҳуқуқ фаолини зудликда қамоқдан чиқаришни талаб қилиб келади.