Туркманистон пойтахтида велосипедга ҳайкал ўрнатилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этган велопойгалардан бири, 2018 йил 1 июни.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 июнь куни Ашхободда “Велосипед” ҳайкалини очиб берди. “Олтин аср” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳайкал Жаҳон велосипед куни муносабати билан очилган.

Очилиш маросимидан сўнг президент тадбир иштирокчилари билан биргаликда 12 километрлик велопойгада иштирок этган. Хабар мазмунидан келиб чиқилса, жаҳон бўйлаб коронавирус инфекцияси ёйилаётгани Туркманистон пойтахтида кўп кишилик оммавий тадбир ўтказилишига монеъ бўлолмаган.

Президент Бердимуҳамедов Ашхободдаги марказий майдонлардан бирига велосипедга ҳайкал ўрнатиш ташаббусини 2018 йил ёзида кўтарган эди.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукумат аъзолари иштирокида оммавий велопойгалар мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу каби тадбирларга давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари жалб қилинади, улар ўз ҳисобларидан велосипед ва спорт либослари сотиб олишлари керак бўлади.

2021 йили Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида Велотрек бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши кутилмоқда.

Велоспортни оммалаштиргани учун Г. Бердимуҳамедов Халқаро велоспортчилар уюшмасининг (UCI) олий мукофоти билан тақдирланган.