НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотни мустаҳкамлаш масаласида чиқиш қилади

АҚШнинг Германиядан ҳарбийларини олиб чиқиш режаси Европадаги иттифоқчи давлатлар ташвишига сабаб бўлмоқда.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 8 июнь куни ҳарбий иттифоқни мустаҳкамлаш масаласида чиқиш қилади. Бунга АҚШнинг Германиядаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш режаси сабаб бўлди.

АҚШнинг Германиядан ҳарбийларини олиб чиқиш режаси Европадаги иттифоқчи давлатлар ташвишига сабаб бўлмоқда. Европа давлатлари АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқиб кетилиши минтақага Россия таҳдидини кучайтиради, деб ҳисобламоқдалар.

5 июнь куни Wall Street Journal нашри АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядаги 9500 ҳарбийни олиб чиқиб кетмоқчи экани ҳақида ёзган эди. Трамп бунгача Германия НАТОни ривожлантириш ва ҳарбий қудратни оширишга ўз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизи даражасида маблағ ажратиш тўғрисидаги ваъдасини бажармаётганини танқид қилган.

Reuters агентлиги исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийларига таянган ҳолда Америка қўшинларининг айримлари Польша каби давлатларга юборилишини, қолгани ватанига қайтарилишини хабар қилди.