Тожикистонда бозорлар, савдо марказлари ва ресторанларга ишлаш учун рухсат берилмоқда

Тожик жамияти COVID-19нинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлигидан ташвишда.

Коронавирусга қарши кураш бўйича Тожикистон Республика штаби 15 июндан бошлаб карантинга ёпилган буюм бозорлари, савдо шохобчалари, ресторанлар, меҳмонхона ва гўзаллик салонлари очилиши тўғрисида қарор чиқарди.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тожикистондаги расмий вакили мамлакатда коронавируснинг авж палласи ўтиб бўлмаганини билдирди. Тожик жамияти ҳам COVID-19нинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлигидан ташвишда.

Республика штаби фаолиятига рухсат берилган барча объектларга одамлар фақат юзқоп билан киришга рухсат берилиши маълум қилди. Бу талабга риоя қилинмаганларга жарима солиниши айтилди. Бироқ жариманинг аниқ миқдори эълон қилинмади.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда СOVID-19га чалинганлар сони 7 июнь ҳолатига кўра, 4529 кишига етди. Улардан 2673 бемор соғайди, 48 одам вафот этди.