Россия Тожикистондаги ўқувчилар овқатланиши учун 21 млн доллар сарфлайди

Россия Тожикистон мактабларида ўқувчилар овқатланиши тизимини ривожлантириш учун 21 миллион 200 минг доллар ажратади.

Россиянинг Душанбедаги элчихонаси маълумотига кўра, бу маблағ тожикистонлик ўқувчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, мактаб ошхоналарини таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, таълим муассасалари ходимлари малакасини ошириш дастурлари ҳамда соғлом озиқланишни илгари суриш бўйича ахборот кампаниясини олиб боришга сарф этилади.

21 миллион доллар Жаҳон озиқ-овқат дастури лойиҳаси доирасида Россия томонидан Тожикистон тақдим этилган энг йирик маблағдир. Олти йиллик ҳамкорлик ичида Россиянинг бу мамлакатга кўрсатган ёрдами 80 миллион долларга яқинлашиб қолди.

Президент Владимир Путин шу йил январь ойида Федерал йиғин олдида қилган чиқишида Россиядаги бошланғич мактаб ўқувчиларининг ҳаммаси учун бепул иссиқ овқат ваъда қилган, аммо бу иш 2023 йил 1 сентябридан аввал амалга ошмайди. Айни пайтда бу тадбир учун пул қаердан олиниши ҳали ҳал қилинган эмас.