Қирғизистон бош вазири Қубатбек Бўрўнов куни кеча ҳукумат биноси олдида туширилган фотосурат юзасидан изоҳ берди.
У парламентда лавозимга тасдиқланганидан кейин ҳукумат биносида собиқ бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиев билан учрашув бўлиб ўтганини қайд этди.
“Собиқ бош вазирни кузатиб қўйиш учун биздан ташқарига чиқишимиз сўралди. Йўлакда ҳукумат аппарати ходимларидан бир гуруҳи турган экан. Уларнинг ҳаммаси ниқоб таққан эди. Бизга ташқарига чиқиб, суратга тушиш таклиф этилди. Суратга тушиш пайтида биздан ниқобларимизни ечиш сўралди. Ҳозир ўша пайтда бунга эътибор қилмаганимга афсусланяпман. Айнан ўша лаҳза сўнгги олти ой мобайнида қилган меҳнатимизга соя солди. Албатта, биз жамоатчилик томонидан катта танқидга учрадик. Ва бу тўғри”, деди Бўрўнов.
Бош вазир қирғизистонликларнинг барчасидан кечирим сўради ҳамда ўзи, бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аппарати раҳбари ва собиқ бош вазир жарима тўлашларини билдирди. Аппаратнинг оддий ходимларига эса жарима солинмайди.
Аввалроқ Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков тор доирада ўтган Хавфсизлик кенгаши мажлисида санитария талабларини бузган ҳукумат аъзолари ва кўпчилик бўлиб тушилган суратни танқид қилган эди. У ҳукумат аъзоларига жарима солишни талаб қилган.
17 июнь куни ҳукумат биносида собиқ бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиев билан хайрлашиш ва янги бош вазир Қубатбек Бўрўновга ваколатларни топшириш чоғида ҳукумат биноси олдида давлат амалдорлари жам бўлиб суратга тушган эди.