Россиянинг Мордовия минтақасида жазони ўтаб бўлгани муносабати билан озодликка чиқарилиб, кейин яна изоляторга ҳибс қилинган Тожикистоннинг 24 фуқароси очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати- Озоди хабар берди.
Хабарда айтилишича, тожикистонликлар жазо муддатини апрель ойида ўтаб бўлган. Лекин чегаралар ёпиқлиги учун улар шу кунгача ватанларига қайта олмаяпти. Уларни Россия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари изоляторда ушлаб туришибди.
Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси вазиятдан хабардор эканини, имконият пайдо бўлиши биланоқ изоляторда сақланаётган тожикистонликлар ватанига жўнатилишини билдирди.
Очлик эълон қилганлардан бирининг айтишича, 24 киши очлик акциясини икки кун олдин бошлаган. Улар овқат ейишдан бош тортиб, фақат сув ичмоқда.
Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси очлик эълон қилганларни сабр-тоқатли бўлишга ва очликни тўхтатишга чақирмоқда.