Жорий йилнинг 29 июнь – 1 июль кунлари АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ташриф дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Бўлажак учрашувлар чоғида Афғонистондаги тинчлик музокаралари жараёнини қўллаб-қувватлаш масалалари, DFC маблағларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Вазирлик хабарномасида АҚШ делегацияси 30 июнь куни видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – АҚШ” (“C5+1”) шаклидаги вазирлар учрашувида ҳам иштирок этиши билдирилган.