Покистоннинг Карачи шаҳрида 29 июнь куни фонд биржаси биносига ҳужум уюштирган тўрт жангари маҳаллий куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан отиб ўлдирилди.
Полиция маълумотига кўра, ҳужум чоғида бинонинг икки қўриқчиси ва бир полиция ходими ҳам нобуд бўлган.
“Ҳужумчиларнинг тўртови ҳам ўлди. Биз томондан қурбонлар орасида бир полициячи бор, яна уч полициячи яраланган. Шунингдек, икки [хусусий] қўриқчи ҳам ўлдирилган”, дея билдирди Карачи полицияси мулозими Шаржил Харл журналистларга.
Полиция баёнотига мувофиқ, қуролли ҳужумчилар бинога Toyota Corolla машинасида яқинлашиб, ҳужум бошлашдан аввал ичкарига граната улоқтирганлар ва отишмани бошлаганлар.
Жангарилар атрофи баланд деворлар билан ўралган мустаҳкам бино ичига киришга муваффақ бўлганлар, бироқ уларни махсус тайёргарликдан ўтган отряд ходимлари тўхтатиб қололган.
Куч ишлатар тузилма ходимлари ва жангарилар ўртасида отишма 20 дақиқача давом этган.
Хабарларга кўра, айни пайтда биржа ходимларидан ҳеч бирининг ҳаёти хавф остида эмас.
Кейинроқ мазкур ҳужум учун масъулиятни айирмачи Белужистонни озод қилиш армияси ўз зиммасига олган. Бироқ Покистон расмийлари бу маълумотни ҳали тасдиқлаганича йўқ.
Мазкур гуруҳ ўтган йил июлида АҚШ Давлат департаменти томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилганди.
Гуруҳ вакиллари маркази Карачи шаҳри бўлган Синд вилоятига чегарадош Белужистон вилояти мустақиллигини талаб қилмоқдалар. Бу вилоят табиий газга бой экани айтилади.
Карачи биржаси Покистондаги энг йирик ва энг эски биржалардан бири бўлиб ҳисобланади. У Исломобод ва Лаҳордаги биржалар билан бирлаштирилган.