Қирғиз суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг адвокати Валерьян Вахитов адвокати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қилиш ниятида.
“Қирғизистон халқаро шартномаларни имзолаган, шунинг учун ҳам у мазкур шартномалардаги талабларни бажариши шарт. Олий суд Чуй вилоят суди қарорини ўз кучида қолдирди. Биз барча материалларни йиғиб, БМТга мурожаат қиламиз”, дея иқтибос келтиради Озодликнинг қирғиз хизмати адвокат Вахитов сўзларидан.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2016 йили Асқаров иши бўйича ўз хулосасини тақдим этган. Унда Азимжон Асқаров ҳибсда бўлган пайтда қийноқларга дучор этилгани ҳамда тиббий ёрдам ва холис судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани айтилган. Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоли жорий йил февралида Бишкек туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТ қўмитаси қарорини бажармаётганини билдирган. Олий суд 15 июнь куни Бишкек шаҳар маъмурий суди Асқаровнинг Қирғизистон ҳукуматига қарши даъво аризаси бўйича маҳкамани тўхтатгани ҳақида маълум қилган.
Ёши 70 ни қоралаган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил июнь воқеалари чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Биринчи инстанция суди ҳукми кейинчалик юқори инстанцияларнинг барчаси томонидан ўз кучида қолдирилган.