АҚШ Россия ва Хитойни БМТнинг Сурия бўйича резолюциясига вето қўйгани учун танқид қилди

Туркия-Cурия чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири.

Россия ва Хитой Суриядаги Башар Асаднинг қонхўр режимини дастаклаш учун ҳар қандай имкониятни ишга солмоқда. Бу баёнот АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт тилидан янгради.

Куни кеча Москва ва Пекин Туркиядаги икки ўтказиш маскани орқали Сурияга инсонпарварлик ёрдам етказиб бериш муддатини узайтириш бўйича БМТ резолюциясини блоклаб қўйган. Ҳужжат Германия ва Бельгия вакиллари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар муддатни бир йилга чўзишни таклиф қилаётган эдилар. Москва бу муддатни олти ойга узайтириш кифоя эканини, назорат-ўтказиш масканлари сонини эса биттага тушириш лозимлигини таъкидламоқда.

Берлин ва Брюссель мазкур қарордан ҳафсалалари пир бўлганини яширмаган. Айни пайтда резолюция муаллифлари янги ҳужжат устида иш бошлашга тайёр эканларини билдирганлар.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Суриядаги кўплаб ҳудудлар ҳозирда Дамашқ назорати остида экани ва у ерларга инсонпарварлик ёрдамини Асад ҳукумати етказиб бериши мумкинлигини билдирди.

Россия ва Хитой хатти-ҳаракатларини Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам танқид қилди. Ҳуқуқ фаоллари ўз баёнотида миллионлаб сурияликлар учун ёрдам олиш ўта муҳимлигини урғулаганлар.

Аввалроқ БМТ экспертлари Сурия ва Россия ҳарбийларини Идлиб вилоятидаги фуқаролик объектларига зарба берганликда айблаганлар. Бу ҳаракатларни ҳарбий жиноят ўлароқ баҳолаш мумкин.

Россия пала-партиш бомбардимонлар ва тинч аҳоли вакилларига ҳужумларга алоқаси йўқлигини аввал бир неча бор қайд этган. Март ойида Москва ва Дамашқ Вашингтонни гуманитар ёрдам баҳонасида жиҳодчиларни дастаклаганликда айблаб чиққан эди.