Ашхободда туркиялик дипломат пневмониядан вафот этди

Кемал Учқун.

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги кардиология касалхонасида 8 июлга ўтар кечаси Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси дин ишлари бўйича бўйича маслаҳатчиси Кемал Учқун оламдан ўтди. Бу ҳақда Turkmen.news сайти хабар қилди. Нашр мазкур маълумот Туркия элчихонаси томонидан тасдиқланганини қайд этади.

Кемал Учқун касалхонага 27 июнь куни ётқизилган. Унда ҳароратнинг кўтарилиши, нафас сиқилиши ва йўтал каби ҳолатлар кузатилган. Унга “пневмония” ташхиси қўйилган. Дипломатдан коронавирусдан тест олинганми, олинган бўлса, натижаси қандай бўлган – буни аниқлашнинг имкони бўлмади, деб ёзади Turkmen.news.

Туркиянинг Туркманистондаги элчихонаси маслаҳатчиси вафот этгани ҳақида турк матбуоти ҳам хабар қилган.

TRT Avaz сайти хабарига кўра, Кемал Учқун элчихонада дин ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимида 2018 йил январидан бери ишлаб келарди. Пневмония ташхиси билан касалхонада даволанган турк дипломати нафас етишмовчилиги туфайли бир муддат реанимацияда ҳам тутиб турилган. Нашрга кўра, К. Учқуннинг икки фарзанди бор.

Айни пайтда Туркманистонда коронавирус белгиларига эга бўлган пневмония ёйилиши давом этмоқда. Касаллик тез тарқалаётгани важидан касалхоналар тўлиб кетган, тиббиёт ходимлари орасида ҳам ўлим ҳолатлари кузатилмоқда. Мамлакатда карантин ҳудудлари барпо этиляпти, корхоналар ёпиляпти. Шунга қарамай, туркман расмийлари мамлакат ҳудудида COVID-19 мавжудлигини тан олаётганлари йўқ.