Қирғизистонда сўнгги суткада пневмониядан 74, COVID-19 дан 11 киши нобуд бўлди

Қоракўл шаҳридаги шифохона ходимлари (иллююстратив сурат).

Сўнгги кеча-кундузда Қирғизистонда COVID-19 важидан 11 та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 15 июль куни Бишкекда бўлиб брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси бошлиғи Айнура Ақматова маълум қилди.

Унга кўра, Бишкек шаҳрида 4 киши, Чуй, Боткен, Иссиқкўл вилоятларида 2 нафардан, Ўш вилоятида эса бир бемор қазо қилган.

Шу тариқа Қирғизистонда коронавирус қурбонлари сони 160 нафарга етган.

Айни пайтда мамлакатда пневмония туфайли ўтган кеча-кундузда 74 бемор вафот этган (улардан 17 нафари пойтахт Бишкекда, 57 нафари эса вилоятларда). Март ойидан бери эса Қирғизистонда пневмониядан вафот этганлар сони 571 нафарга етгани айтилмоқда.