Арманистон билан Озарбайжон чегарасида яна жанговар ҳаракатлар кузатилмоқда

Қуролли тўқнашувлар ҳудудида юрган арманистонлик ҳарбийлар, 2020 йил 14 июли.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада қисқа муддатли осойишталикдан сўнг 16 июль куни эрталаб яна жанг ҳаракатлари бошланди.

Икки томон ҳам бир-бирини ўз позициясига ҳужум қилганликда ва аҳоли пунктларини ўққа тутганликда айбламоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги ўз бўлинмалари душман тарафнинг эрталабки соат тўртдаги ҳаракатини сезиб қолиб, диверсион суқилув уринишининг олдини олишга муваффақ бўлганини билдирди. “Шиддатли жангдан кейин талафот кўрган душман тараф улоқтириб ташланди”, дея иддао қилади Ереван вакиллари. Улар чегара яқинидаги Айгепар ва Мовсес қишлоқлари миномёт ва гаубицалардан ўққа тутилганини қайд этганлар. Мамлакат бош вазири Никола Пашинянга кўра, Арманистон томонидан талафот йўқ.

Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 16 июль тонгида арман ҳарбийлари чегарадаги Товуз деган жойда Озарбайжон армияси бўлинмаларига қарши яна ҳужум уюштиришга уриниб кўрганларини билдирган. Иддао қилинишича, Арманистон йирик калибрли қуроллар ва миномётлардан Агдам, Дўндар Гушчу ва Ваҳидли қишлоқларини ўққа тутган. Тинч аҳоли вакиллари орасида жароҳатланганлар йўқ, ҳарбийлар орасида яраланганлар борми-йўқми – бунга аниқлик киритилмаган.

Икки мамлакат чегарасида қуролли тўқнашувлар 12 июлдан бошланиб, уч кун давом этган. Боку маълумотига кўра, жангларда озарбайжонлик 11 нафар ҳарбий, шу жумладан генерал-майор Пўлад Ҳашимов ҳалок бўлган. Арманистон ўзи томонидан тўрт одам ўлгани, 10 киши яралангани ҳақида билдирди.

Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият юзасидан қатор мамлакат ва халқаро ташкилотлар хавотир изҳор қилиб, томонларни мулоқотга чақиришган, дея қайд этади “Интерфакс”.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда. Бу мухтор вилоят 1988 йили Озарбайжон ССР таркибидан чиққани ҳақида эълон қилган. Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегара участкаларида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради. Бироқ ҳозир тўқнашувлар чегаранинг Қорабоғдан анча олис бўлган жойида рўй бермоқда.

ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокараларда Россия, АҚШ ва Франция иштирок этмоқда.