Қирғизистон омбудсмени қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров тиббий ёрдам олаётганини билдирди

Азимжон Асқаров.

Жорий йилнинг 16 июль куни Қирғизистон омбудсмени институти ходимлари 19-колонияда жазо ўтаётган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни бориб кўришган.

Омбудсмен институти матбуот хизмати маълумотига кўра, Асқаровнинг тана ҳарорати бир неча кундан бери тушиб-чиқиб турибди, унинг ҳарорати 38,5 даражагача кўтарилган, қон босими эса меъёрдан пастроқ. Асқаров ўз ҳарорати ошаётганидан, суяклари оғриётганидан, иштаҳаси йўқлигидан ва кўнгли айниётганидан шикоят қилган.

Омбудсмен вакиллари олдида тиббиётчилар Асқаровнинг ҳарорати ва қон босимини ўлчашди, шундан сўнг тегишли акт тузилди: тана ҳарорати 36,9 даражани, қон босими эса 100/60 ни ташкил қилган. Асқаровга томиридан глюкоза, витаминлар, ҳароратини тушириш учун аралашмалар бериляпти, тегишли симптоматик муолажа қилинмоқда”, дея маълум қилишган Омбудсмен институтидан.

Колония раҳбарияти маҳкумларда коронавирус бор-йўқлиги текширилган эмас, чунки “судланганлар қарийб ҳеч ким билан алоқада бўлмайдилар”. Тиббий қисм бошлиғи эса уларда касалларни текшириш учун замонавий жиҳозлар йўқлиги ва зарур дори-дармонлар йўқлигини билдирган.

Омбудсмен институти маълумотларига кўра, Асқаров муолажани давом эттириш учун 47-колонияга кўчирилишдан бош тортган ва рафиқаси 19-колонияда муолажани давом эттириш учун дори-дармон сотиб олиб беришга тайёрлигини қайд этган.

Аввалроқ “Фарғона” ахборот агентлиги асосчиси ва раҳбари Даниил Кислов Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида Асқаров оғир касал экани ва ҳеч қанақа тиббий ёрдам олмаётгани ҳақида ёзганди. У ҳуқуқ фаолларини Жазони ўташ давлат хизмати раҳбариятидан А.Асқаровга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилишга чақирган ҳамда Қирғизистон президенти ва ҳукуматига уни зудлик билан озод қилиш талаби билан мурожаат қилганди.

Жазони ўташ давлат хизмати матбуот котиби бу маълумотни рад этган. Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида у Асқаровнинг соғлиғи жойида эканини билдирган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2016 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қамоқхонада қийноққа дучор этилгани, тиббий кўмак ва адолатли суд билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини қайд этган. Қирғизистон томони бу иддаони рад этган.