Россия бир ҳафтадан сўнг Британия, Танзания ва Туркия билан авиаалоқани тиклайди

Россия жорий йил 1 августидан бошқа мамлакатлар билан мунтазам халқаро авиаалоқага рухсат беради. Даставвал Буюк Британия, Танзания ва Туркияга парвозлар тикланади. Аввалроқ Минск Москва билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган, бироқ Беларус билан парвозлар тикланиши ҳақида ҳали гап йўқ.

Халқаро авиаалоқа тикланиши ҳақида ҳукумат мажлисида Россия бош вазири Михаил Мишустин билдирган. Унга кўра, 1 августдан Москва шаҳри, Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Ростов-Дондаги аэропортлардан рейслар амалга оширилади. У қайси мамлакатларга рейслар тикланишини очиқламаган.

Бош вазир ўринбосари Татьяна Голиковага кўра, Россия билан ўзаро келишув асосида ўз ҳаво чегараларини фақат уч мамлакат – Буюк Британия, Танзания ва Туркия очишга рози бўлган. Аввалроқ Россия ҳукумати халқаро парвозларга фақат ўзаро келишув асосида қайтишга тайёрлигини билдирган.

Голикова Россия расмийлари мамлакатга келаётганлардан COVID-19 инфекцияси йўқлиги ҳақида ҳужжат талаб қилиши, йўловчилар мазкур тестни парвоздан кўпи билан 72 соат аввал топширган бўлиши кераклигини эслатган. Россияликлар бундай тестни мамлакатга учиб келганларидан кейин ҳам топширса бўлади.

Европа Иттифоқига ўзаро келишув асосида парвозларнинг тикланиши бир неча ойга чўзилиши мумкин: ЕИга бемалол киришга Еврокомиссия сўнгги 14 кун ичида касал бўлганлар сони 100 минг аҳолига 20 кишидан ошмаган мамлакатлар ватандошлари учунгина рухсат беришни таклиф қилган. Бу Россияда сўнгги икки ҳафта ичида қайд этилаётган касаллардан уч баробар камдир.