Қирғизистон қайдга олинмаган ҳолатларни ҳам COVID-19 статистикасига киритади

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусни бошдан кечирган, бироқ расмий статистикага кирмаганларга оид маълумотларни йиғмоқда. Бу ҳақда 24 июль куни ССВ вакили Айнура Ақматова маълум қилди.

У бугунги кунда мамлакатда коронавирусга чалинган барча беморлар сони аҳолининг 0,5 фоизига тўғри келаётганини қайд этди.

“Албатта хасталикни белгиларсиз бошдан кечирганлар ҳам бор. Улар ўзларини яхши ҳис қилганлари туфайли тиббиёт ходимларига мурожаат қилмаяпти. Фуқаролар хусусий лабораторияларда иммунофермент таҳлилларни топширмоқдалар. Барча натижалар Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушяпти, маълумотлар қайд этиляпти. Аҳолининг қанча фоизи хасталикни бошдан ўтказиб бўлгани ва антитаналар ишлаб чиққанини аниқлаш учун ЖССТ билан биргаликда тегишли ишлар бошлаб юборилган”, деди Ақматова.

Қирғизистонда эпидемия бошидан бери коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган ҳолатларнинг умумий сони 31247 тага, вафот этган беморлар сони эса 1169 нафарга етган. Расмийлар 17 июлдан статистикага пневмонияни ҳам қўшганлар, шу важдан хасталар сони ҳам, қурбонлар сони ҳам ошиб кетган.

Шунга қарамай, экспертлар маълумотлар ҳали ҳам аниқ эмаслиги, чунки уйида даволанаётган ва касалхоналарга мурожат қилмаётган беморлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳисобга олинмаётганини айтмоқдалар.

Ўтган кеча-кундузда Қирғизистонда U07.1 коди (лабораторияда тасдиқланган коронавирус инфекцияси) ва U07.2 коди (клиник жиҳатдан тасдиқланган коронавирус инфекцияси, пневмония) остида СOVID-19 га чалиниш билан боғлиқ 921 та ҳолат қайд этилган, 42 бемор вафот этган.