Қирғиз расмийлари Асқаровнинг пневмонияга чалинишига шамоллашни сабаб ўлароқ келтирди

Азимжон Асқаров (архив сурати).

Азимжон Асқаровнинг пневмонияга чалинишига шамоллаш сабаб бўлиб, кейинчалик кучайиб кетган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Жазони ўташ давлат хизмати (ЖЎДХ) маълумот тарқатди.

ЖЎДХ вакиллари қайдича, А. Асқаровда ҳамроҳ касалликлар бўлган.

Асқаров билан битта камерада яна уч нафар маҳкум сақланарди, уларнинг соғлиғи қониқарли даражада бўлиб, бирор шикоятлари йўқ. Бошқа шахсларнинг у билан мулоқот қилиш имкони йўқ эди. Судланган Асқаров ЖЎДХ муассасаларида жазони ўташ чоғида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган маҳкумлар учун кўзда тутилган барча ҳуқуқларидан фойдаланган. Унинг олдига Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази, Омбудсмен аппарати вакиллари, назорат органи вакиллари, адвокатлар, рафиқаси, фарзандлари, тиббиёт ходимлари мунтазам равишда келиб турган”, дея билдирган Жазони ўташ давлат хизмати.

Муассаса маълумотига кўра, шу йил апрелида Асқаров икки марта тиббий қисмга мурожаат қилган ва унга дори-дармонлар тайин қилинган. 9 июль куни Асқаров 19-колония тиббий бўлимига умумий ҳолсизлик ва ҳарорати кўтарилганидан шикоят қилиб, мурожаат қилган. Асқаров 47-колония қошидаги касалхонада даволанишдан бош тортган. ЖЎДХ маълумотига кўра, бу борада тиббий дафтарчада бунга оид ёзувлар бор.

24 июль куни маҳкум тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш учун 47-колонияга махсус этап билан мажбуран кўчирилган.

25 июль куни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 47-колонияда вафот этган.

ЖЎДХ маълумотига кўра, у “ўнг томон пневмонияси” дастлабки ташхиси билан келган. Ўлимнинг якуний сабаби тегишли суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан кейин маълум бўлади.

Аввалроқ Азимжон Асқаров жиддий хаста экани ҳақида унинг адвокати Валерьян Вахитов маълум қилган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Жаҳондаги етакчи халқаро ташкилотлар (HRW, CPJ, Amnesty International ва б.) ҳамда ҳуқуқ фаоллари 10 йилдан буён қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келганлар.

2016 йил апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини жалолободлик ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.