Трамп АҚШдаги президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтарди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтариб чиқди. Бу ҳақда у Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида ёзди.

АҚШ штатларининг бир нечтаси пандемия туфайли сайловларда масофадан туриб овоз бериш тартибини осонлаштирган. Бу ҳолат кенг кўламли сохталаштиришлар учун имконият яратади, деб ҳисоблаган Трамп бу қарорни танқид қилиб келмоқда. У сайловчилар “хавфсиз ва қоидасига кўра” овоз бера олишлари учун сайловни бошқа санага кўчириш имконияти мавжудлигини қайд этди.

Оқ уйда сайлов муддатини кўриши бўйича легал имконият йўқ, деб ёзган The New York Times нашри. Аввалроқ Трамп маъмурияти сайловни кўчириш имкониятини рад этган.

АҚШда президент сайлови 3 ноябрга белгиланган. Сўровлар амалдаги президентнинг кўплаб штатларда ҳам, умуман мамлакатда ҳам ўзининг асосий рақиби бўлмиш собиқ вице-президенти Жо Байдендан анчагина ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Овоз бериш куни федерал қонун воситасида бошқарилади. АҚШ Конституциясига мувофиқ, бу кун Конгресс томонидан белгиланади. Парламентнинг қуйи палатасини ҳозирда президентга мухолифатда бўлган Демократлар партияси томонидан назорат қилинмоқда.