АҚШда интернет орқали 568 миллион доллар ўғирланишига масъул кўрилган Infraud Organization жиноятчи гуруҳига алоқадор молдовалик шахс айбига иқрор бўлган.
Бу ҳақда АҚШ Адлия департаменти маълум қилди.
Департамент билдирувига кўра, 30 ёшдаги Валериян Ч. Невада туман судида ўз айбига иқрор бўлган.
Билдирувда Валериян Ч. Infraud Organization учун дастур ёзгани айтилган.
Бундан бир ой олдин Infraud Organization асосчиларидан бири ва маъмури россиялик Сергей Медведев ҳам унга қўйилган айбловларга иқрор бўлган эди.
Infraud Organization ташкилоти АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги индивидуал ҳамда бизнес ҳисоблардан пул ўмарган. Етти йил давомида ташкилотнинг 11 мингга яқин аъзоси 4,3 миллион кредит карта, дебит карта ва банк ҳисобини нишонга олган.
Жиноий тўда 2018 йилда тарқатиб юборилган, аммо унгача 500 миллион доллардан ошиқ маблағни ўмаришга улгурган.
АҚШ Адлия департаменти Infraud Organization гуруҳига алоқадор 26 нафар шахсга айблов эълон қилган.