Қозоғистон коронавирусга қарши вакцина фақат 11,5 фоиз аҳолига бепул берилишини билдирди

Айни пайтда жаҳонда коронавирусга қарши ўйлаб топилган юзлаб вакцина тажрибадан ўтказилмоқда.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Багдат Кожахметов ҳукумат аҳолининг 11,5 фоизинигина коронавирусга қарши бепул вакцина билан таъминлашини маълум қилди.

“11,5 фоиз аҳоли юрақ-қон томир, қанд диабети ва бошқа касалликлар билан оғриган ва ёши 65дан юқори бўлганлардир. Саломатлиги яхши ва ишлаётган одамлар эса вакцинани ўз пулларига сотиб олади”,- деди расмий.

Унга кўра, вакцина сотиб олиш учун қозоқ ҳукуматига 18 миллиард тенге (тақрибан 43 миллион доллар) зарур бўлади.

Вакцина ва иммунизация бўйича жаҳон альянсининг билдиришича, коронавирусга қарши вакцина нархи 10-20 доллар атрофида бўлади. Айрим давлатлар вакцина барча учун бепул бўлишини билдирмоқда. Жумладан, АҚШ ўз фуқароларини коронавирусга қарши вакцина билан бепул таъминлашини маълум қилган.

11 августда Россия президенти Владимир Путин рус олимлари коронавирусга қарши "Гам-КОВИД-Вак" вакцинасини кашф этиб, рўйхатдан ўткизганини билдирган эди. Аммо бу вакцинага жаҳоннинг кўпчилик мамлакатлари шубҳа билан қарамоқда.

12 августда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россиядан бу вакцинани сотиб олиш мақсадида Москвага ҳукумат делегацияси боришини айтган эди.

Айни пайтда жаҳонда коронавирусга қарши ўйлаб топилган юзлаб вакцина тажрибадан ўтказилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти минглаб одамлар иштирок этаётган бу тажриба бир неча ойга чўзилишини билдирган.