Сурия-Туркия чегарасидаги қочқинлар лагерида тожикистонлик аёл ҳалок бўлди

Сурия-Туркия чегарасидаги қочқинлар лагеридаги қизалоқ.

Туркия ва Сурия чегарасидаги Ар-Рож қочқинлар лагерида газ баллони портлаши оқибатида 31 ёшли тожикистонлик қочқин аёл ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукуматининг билдиришича, портлаш оқибатида аёл танасининг 80 фоизи куйган. Бироқ лагердаги бошқа тожикистонликлар аёл депрессия оқибатида ўз жонига қасд қилганини айтмоқда.

Тожикистоннинг Ироқ ва Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода газ балони аёл овқат пишираётган пайтда портлаганини Озодлик радиоси тожик хизматига билдирди. Мазкур ҳудудни назорат қилаётган курд жангарилари ҳам тожикистонлик аёл ўлимига бахтсиз ходиса сабаб бўлганини билдирмоқда.

Ар-Рож лагерида ҳозирги кунда тожикистонлик 7 аёл ва 17 бола бор. Тожикистонлик аёллар ва болларнинг асосий қисми- 500 нафарга яқини Хасаки вилоятидаги Ал-Ҳол лагерида яшамоқда.

Расмий маълумотга қараганда, Сурия ва Ироқдаги жангарилар сафида жанг қилиш учун борган тожикистонликлар сони икки мингга яқиндир. Уларнинг кўпчилиги оила аъзолари билан бу ерларга келган.

Ироқда жангарилар сафида жанг қилганларнинг хотинлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. Ўтган йилнинг апрелида Тожикистон ҳукумати Ироқдан 84 болани олиб келган. Уларнинг оталари “Ислом давлати” гуруҳи сафида жанг қилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Ироқ қамоқларида тожик жангариларининг 43 нафар хотини сақланмоқда. Уларнинг 95 нафар фарзанди болалар уйларига топширилган.