Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғи АҚШ ҳукуматини тармоқ фаолиятини тақиқлашга ҳаракат қилгани учун судга берди.
24 август куни Калифорния судига топширилган аризада АҚШ ҳукумати тармоқнинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва сир сақлаш бўйича кенг қамровли ҳаракатларини инобатга олмагани таъкидланади.
АҚШ президенти Хитой ижтимоий тармоғи миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблайди. Трампга кўра, TikTok томонидан тўпланаётган маълумотлар Хитой разведкаси учун озуқа бўлиши эҳтимол.
Шундан келиб чиқиб, Трамп август ойининг бошида АҚШда TikTok фаолиятини тақиқлаш ниятини билдирганди. 6 август куни эса Дональд Трамп TikTok ижтимоий тармоғини АҚШ ширкати сотиб олишига қарши эмаслигини билдирган ва TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишга 15 сентябрга қадар муддат белгилаб берганди.
Oracle ва Microsoft мазкур тармоқни сотиб олишга қизиқиш билдирди. TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли.
2 август куни Microsoft TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилиш юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.