Германия Москвани Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан терговни тезлатишга чақирди

22 август куни Германия Навальнийни Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб келди.

Германия Москвани Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг заҳарлангани юзасидан терговни тезлатишга чақирди.

31 август куни Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Европа ва Россия ўртасидаги муносабатлар янада “қорароқ булутлар ортида” қолиши мумкинлигини айтди.

“Биз, албатта, Россия Навальнийнинг ишига ойдинлик киритишини кутмоқдамиз. Россиянинг ҳозирда бу борада қилаётган иши бизни қониқтирмайди”, -деди вазир.

20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилгани ортидан самолёт Омскка фавқулодда қўнишга мажбур бўлди ва мухолифатчи маҳаллий шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди.

Ўшанда унинг сафдошлари Томск аэропортида Навальнийнинг чойга аралаштирилган токсин билан заҳарланганини тахмин қилган эдилар.

22 август куни Германия Навальнийни Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб келди. Германия врачлари дастлабки текширувларда Россия мухолифати лидери Алексей Навальний заҳарланганини қайд этган.

Шифокорларнинг билдиришларича, Навальнийнинг қонида холинэстераз ингибиторлари туркумидан бўлган токсин борлиги аниқланган. 2018 йилда Лондонда Юлия ва Сергей Скрипалларни заҳарлашда қўлланилгани билдирилган “Новичок” моддаси ҳам мана шу туркумга киради.

Айни пайтда Россия врачлари Омск касалхонасида Навальнийнинг қонида ҳеч қандай заҳарли модда аниқланмаганини билдирмоқда.