YouTube видеохостинги TikTok муқобили бўлган қисқа видеолар хизматини ишга туширди

YouTube видеохостинги қисқа видеолар хизмати бўлган YouTube Shorts’ни ишга туширди. Фойдаланувчи 15 сониялик роликларни тасвирга олиб, аудиоёзувлар омборидан унга мусиқа қўшиб, сайтга юклаши мумкин. Янги хизмат Хитойнинг TikTok хизмати муқобилига айланиши кутилмоқда.

Синов босқичида Shorts фақат Ҳиндистонда ишлайди. Июнь ойида расмийлар бу мамлакатда TikTok ва Хитойда ишлаб чиқилган яна 50 дан зиёд иловани блоклаб қўйган эди.

Янги хизматдан фақат Android операцион тизимига эга мосламалар воситаси билангина фойдаланиш мумкин. Кейинчалик хизмат iOS операцион тизимига эга мосламаларда ҳам ишлай бошлайди.

YouTube Shorts АҚШнинг TikTok эгаси билан муносабатлари таранглашган бир паллада ишга туширилмоқда. Вашингтон мазкур илова фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини Хитой расмийларига топшираётганини тахмин қилмоқда. TikTok вакиллари бу айбловларнинг барчасини рад этган.

Президент Дональд Трамп TikTok’нинг Америка сегментини АҚШ ширкатига сотишни талаб қилган. Хизмат эгаси бўлган ByteDance ширкати Microsoft ширкатидан сотиш таклифи олган, бироқ томонлар ўзаро келиша олмаганлар. Сўнгги маълумотларга кўра, TikTok’ни сотиб олишга Oracle корпорацияси қизиқиш билдирмоқда.