Алексей Навальний Берлиндаги клиникадан соғайиб чиқди

Алексей Навальний.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 22 сентябрь куни Берлиндаги “Шарите” клиникасидан соғайиб чиққан. Бу ҳақда клиника сайти хабарномасида айтилади.

Беморнинг аҳволи шу қадар яхшиландики, у стационардан чиқарилди. Алексей Навальний “Шарите”да 32 кун даволанди, бундан 24 кун реанимацияда бўлди. Беморнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, даволовчи врачлар у тўлиқ соғайиб кетиши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Заҳарланишнинг бошқа кўринмас оқибатлари ҳақида кейинроқ фикр билдириш мумкин бўлади”, дейилади хабарномада.

Клиника сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Навальнийнинг соғлиғига оид маълумот бемор ва унинг хотини билан келишилган ҳолда ёзилган.

Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальний “Новичок” оиласига кирувчи модда билан заҳарлангани ҳақида Германия расмийлари бундесвер лабораториясида олинган таҳлил натижаларига таянган ҳолда маълум қилганлар. Кейинроқ бу маълумотни Франция ва Швеция лабораториялари ҳам тасдиқлаган. Сиёсатчининг қай йўсинда заҳарлангани ҳалигача маълум эмас. Германиянинг Der Spiegel нашри заҳар қолдиқлари Навальний ичимлик ичган шишадан ҳам топилгани ҳақида хабар қилган. Мухолифатчининг сафдошлари уни Томскда Навальний яшаган меҳмонхона номеридан олиб кетганлар.

Сиёсатчининг сафдошлари у касалхонага ётқизилиши билан жамоат арбобига суиқасд ва террорчилик моддалари бўйича жиноят иши очишни талаб қилишган. Мазкур ҳодиса бўйича Россияни суриштирув ўтказишга АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам чақирган. Россиялик расмийлар эса жиноят иши очиш учун асос йўқлигини таъкидламоқдалар. Улар Навальнийдан Россияда олинган таҳлилларда заҳарли модда топилмаганини иддао қилишиб, унинг заҳарланганига шубҳа билан қараяптилар.