Саудия Арабистони кейинги ойдан хорижлик зиёратчиларни қабул қила бошлайди

Коронавирус ёйилиши ортидан Каъбатуллоҳ атрофи бир муддат бўшаб қолганди, Макка (2020 йил 28 июлида олинган сурат).

Саудия Арабистони расмийлари шу йил 4 октябридан эътиборан хорижлик зиёратчиларни босқичма-босқич Макка ва Мадина шаҳарларига қўя бошлайдилар. Бу ҳақда Le Figaro нашри Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Умра ибодатини адо этиш учун келувчи чет эллик мусулмонларни икки шаҳардаги муқаддас қадамжоларига қўйиш коронавирус эпидемияси важидан март ойидан буён тўхтатиб қўйилганди.

Дастлабки босқичда Маккадаги Масжидул-Ҳарамда кунлик зиёратчи сони (саудияликлар ва хорижликларни қўшиб ҳисоблаганда) 6000 нафаргача бўлади.

1 ноябрдан эса ташрифчилар сонини кунига 20 минг нафаргача етказиш режаланган. Бу ўсиш чет ўлкалардан келаётган зиёратчилар ҳисобига бўлиши айтилмоқда.