ASPI: Хитойда мусулмонлар учун қамоқхоналар кенгайтирилмоқда ва янгилари қурилмоқда

Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш" учун барпо этилган лагерлардан бири.

Австралиядаги стратегик сиёсат институти - ASPI Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати мусулмонларни “қайта тарбиялаш лагерлари” тармоғини кенгайтиргани ҳақида маълумот берди.

Австралия институти томонидан 24 сентябрда эълон қилинган тадқиқотда таъкидланишича, “қайта тарбиялаш лагерлари” тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилаётганидан ҳам кенгроқ ва Хитой ҳукумати сўнгги йилларда бу каби лагерлар сонини кўпайтирган.

ASPI сунъий йўлдошлардан олинган суратлар, матбуотдаги хабарлар ва қурилиш учун эълон қилинган тендер ҳужжатларини ўрганиб чиққан.

Натижада Шинжон-Уйғур мухториятида лагерь экани гумон қилинаётган 380дан кўпроқ объект аниқланган.

“2019 йилнинг июлидан 2020 йилнинг июлигача камида 61 объектда янги қурилишлар олиб борилган ва уларнинг ҳудуди кенгайтирилган”,-дейилади тадқиқотда.

Билдирилишича, 2020 йилда яна камида 14та лагерь қурилиши олиб борилмоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75 -сессиясида сўзлаган нутқида халқаро ҳамжамиятни Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа муслмон миллатлар вазиятини ўрганиш учун БМТ ваколати остида халқаро комиссия жўнатишга чақирди.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб олишни тақиқловчи қарорни қабул қилди.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади. Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.