Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини оширди

Нобель мукофоти медали.

Нобель жамғармаси лауреатларга тўланадиган мукофот пули миқдорини 1 миллион Швеция кронасига (тақрибан 110 минг АҚШ доллари) оширгани ҳақида маълум қилди. Бу йил Нобель мукофоти пули 10 миллион кронани ташкил этади, деди Нобель жамғармаси раҳбари Ларс Хайкенстен 24 сентябрь куни Швецияда чиқадиган Dagens Industri газетасига.

Динамитни ихтиро қилган швециялик саноатчи Альфред Нобель турли соҳаларда мукофот берилиши учун бўлажак жамғармасига тақрибан 31 миллион крона (ҳозирги пул билан 1,8 миллиард крона) қолдирган ва бу мукофотлар 1901 йилдан буён бериб келинади.

Бу йил тиббиёт, физика, химия, адабиёт, тинчлик ва иқтисодиёт соҳалари бўйича мукофотлар лауреатларининг исмлари 5 октябрдан бошлаб бир ҳафта мобайнида эълон қилиб борилади. Нобель жамғармаси коронавирус пандемияси туфайли бу йил совриндорларни, анъанага мувофиқ, Стокҳолмда тақдирлаш маросими ва тантанали банкет бекор қилинганини маълум қилган. Бунинг ўрнига бошқа мамлакатлар билан телекўприк шаклида маросим ўтказилади.