Қозоғистон шимолида қуш гриппидан нобуд бўлган парранда сони 100 мингдан ошди

Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи туфайли яна етти қишлоқ карантинга ёпилди. Шу тариқа мазкур вилоятда санитария блокпостлари ўрнатилган қишлоқлар сони 18 тага етди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб Қозоғистон шимолида 108 минг парранда нобуд бўлди. Уларда қуш гриппи (Н5) вируси аниқланган. Паррандаларнинг қолганини қутқариш учун вилоят бўйлаб оммавий эмлов тадбири эълон қилинди. Расмийлар ҳисоботига кўра, 75 минг парранда эмланган, 11 та қишлоқда дезинфекцион тўсиқлар ўрнатилган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, қуш гриппи Шимолий Қозоғистон вилоятидан ташқари Ақмўла, Қўстанай, Павлодар ва Қарағанда вилоятларида ҳам тарқаган.

Қозоғистон ҳукумати паррандалари қирилиб кетган фермерларга товон пули ваъда қилмоқда.

Сўнгги бор Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи 2005 йили қайд этилганди.

Расмийлар маълумотига кўра, қуш гриппи одамлар орасида қайд этилган эмас. Паррандаларга қараган 400 киши тиббий назоратга олинган.